Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади

Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Ким бир мўминнинг битта дунёвий ташвишини аритса, Аллоҳ таоло унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади. Ким қийналган кишига енгиллик келтирса, Аллоҳ таоло унга дунёю охиратда енгиллик беради. Модомики, банда биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талабида йўл юрса, Аллоҳ таоло унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Одамлар Аллоҳнинг уйларидан бирига йиғилиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилиб, уни ўзаро дарс қилиб ўргансалар, улар устига осудалик тушади, уларни раҳмат қоплайди ва фаришталар ўраб олади. Аллоҳ таоло ўз ҳузуридагиларга уларни зикр қилади. Амали секинлаштирган кимсани насл-насаби тезлаштира олмайди».

[Тўғри матн] [Муслим ривояти]

الشرح

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилдиларки: мусулмоннинг Аллоҳ ҳузуридаги мукофоти унинг мусулмон биродарлари билан қандай муомалада бўлишига қараб бўлади. Кимки бир мўминнинг дунёдаги бир қийинчилигини енгиллатса, ғам-ташвишини кетказса, қиёмат куни Аллоҳ таоло унинг бир қийинчилигини енгиллатиб қўяди. Ким қийналган кишига енгиллик яратса, осонлаштирса ва қийинчилигини аритса, Аллоҳ унга дунё ва охиратда енгиллик беради. Кимки бир мусулмоннинг айбини ёпса, яъни кўриб қолган гуноҳ ёки камчилигини ошкор қилмаса, Аллоҳ таоло унинг айбини дунёда ҳам, охиратда ҳам ёпиб қўяди. Аллоҳ таоло бандага унинг биродарини дини ёки дунёсидаги ишларида ёрдам бериб юрган экан, мутлақо ёрдамчи бўлади. Ёрдам эса дуо, тана, бойлик ва бошқа турли йўллар билан ҳам бўлади. Кимки Аллоҳнинг розилигини истаб, дин илмини ўрганиш учун йўлга чиқса, Аллоҳ таоло унга Жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Аллоҳнинг уйларидан бирида тўпланиб, Қуръонни тиловат қиладиган ва уни ўзаро ўрганадиган қавмнинг устига сакинат ва хотиржамлик тушади, уларни Аллоҳнинг раҳмати қоплаб олади, фаришталар уларни ўраб туради. Аллоҳ таоло уларни Ўз ҳузуридаги муқарраб фаришталар орасида тилга олади. Аллоҳ бандани Малоъул-Аълода зикр қилишининг ўзи унга етарли шарафдир. Кимнинг амали оз бўлса, катта амал эгаларининг даражасига ета олмайди. Шунинг учун инсон насаби ва оталарининг шарафига суяниб олиб кам амал қилмаслиги керак.

فوائد الحديث

Ибн Дақиқ ал-Ийд раҳимаҳуллоҳ шундай деган:

«Бу ҳадис улуғ ҳадис бўлиб, ҳар хид илмлар, қоидалар ва одоб-ахлоқларни ўз ичига олган. Унда мусулмонларнинг эҳтиёжларини қондириш ва уларга илм, мол-мулк, ёрдам, манфаатли маслаҳат, насиҳат ёки бошқа ҳар қандай йўл билан фойда етказишнинг фазилати зикр этилган».

Қийналган кишига енгиллик яратишга тарғиб.

Мусулмон бандага ёрдам беришга ундалмоқда. Банда биродарига қанчалик ёрдам берса, Аллоҳ ҳам унга ўшанча ёрдам беради.

Мусулмонни ёпишдан мақсад — унинг айбларини қидирмаслик. Салафлардан баъзилари: «Мен айблари йўқ одамларни кўрдим, улар одамларнинг айбларини тилга олдилар, натижада одамлар уларда ҳам айб топдилар. Ва мен айблари бор одамларни ҳам кўрдим, улар одамларнинг айбларини тилга олмадилар, шу сабабдан уларнинг ўз айблари унутилди», — деганлар.

Одамларнинг айбини беркитиш — ёмонликни тарк этиш ва уни ўзгартирмаслик дегани эмас. Аксинча агар у инсон фасодчи ва золим бўлмаса ёмонлигини ўзгартириш ва беркитиш лозим. Аммо агар кимдир фасод ва исён билан танилган бўлса, унга нисбатан беркитиш яхши саналмайди. Балки, агар ундан зарар ва бузғунчилик келмаслигига ишонч бўлса, унинг иши ҳокимият эгасига етказилиши лозим. Чунки айбини ёпиш уни фасодга рағбатлантиради, одамларга озор беришга журъат қилади ва бошқа ёмон ниятли кишиларни ҳам шу ишга ундайди.

Илм талаб қилиш, Қуръон тиловат қилиш ва уни биргаликда ўрганишга ундаш.

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Бу ҳадис масжидда Қуръонни биргаликда тиловат қилишнинг фазилатига далилдир. Масжиддан ташқарида ҳам мадраса, рибот ёки шунга ўхшаш жойларда йиғилиб ўқиш ҳам шу фазилатга киради».

Аллоҳ таоло ажрни амалларга боғлади, насл насабга эмас.

التصنيفات

Илм фазли